Тошкент вилоятида Кореянинг нуфузли олий таълим муассасаси

Бугун Тошкент вилояти ҳокимлигининг кичик мажлислар залида Жанубий кореялик меҳмонлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов Корея Республикаси Hwashin Cyber университетининг МДҲ давлатлари бўйича бош мутахассиси Kim, Sunggi билан мулоқот олиб борди.

Учрашувда “HWASHIN CYBER UNIVERCITY” таълим муассасасининг 10 млн. АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция маблағлари ҳисобига Тошкент вилоятида Корея Республикаси университетининг филиалини йўлга қўйиш таклифи муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида мазкур лойиҳанинг имкониятлари ва икки тарафлама манфаатли жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтилди.

Таъкидланишича, таълим даргоҳида спорт зал, маданият саройи, кутубхона биноларини қуриш, таълим клстерини ташкил этиш, бунинг учун университет қошида мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаб биноси, 600 ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш, таълим жараёнини ташкил этишда мутахассислик фанларидан дарсларга малакали хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, университетда таҳсил олаётган талабаларга ўз йўналишларида ўқув машғулотларини Корея Республикаси Hwashin Cyber университетида давом эттириб, тегишли тартибда ушбу университет дипломини олиш имкониятини яратиб бериш тартибларини жорий этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда ҳудудларда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6108 сонли фармони ижроси юзасидан Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар яхши натижалар бераётгани тилга олинди.

Учрашув якунида ҳамкорлик юзасидан меморандум имзолашга келишиб олинди.