Тошкент халқаро аэропортида янги учиш зали очилди

Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан 3 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида учиб кетиш залининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Ушбу лойиҳа Uzbekistan Airports АЖ томонидан Президентнинг 2021 йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилди.

Янги учиб кетиш зали 3000 кв метр бўлиб, унинг фойдаланиладиган майдони йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайликка эга. Жумладан, 12 та рўйхатга олиш зонаси, божхона ва чегара назорати ҳамда 6 йўлакли авиация хавфсизлиги назорат пунктлари, шунингдек, телескопик трап, автобусларга чиқиш учун 2 та қўшимча йўлак яратилган.

Бундан ташқари дўконлар, кафелар ҳамда замонавий она ва бола хонаси ташкил этилган. Залнинг 2000 кв метр майдонини тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда тижорат фаолияти учун тақдим этиш режалаштирилмоқда. Янги учиш зали 5 ойлик муддатда қайта таъмирдан чиқарилган.

Қайд этилишича, аэропортдаги халқаро йўналишлар орқали учиб кетиш залининг қолган қисмини реконструкция қилиш ишлари октябрда бошланади ва 2022 йилнинг май ойида якунланиши кўзда тутилган.

Яқин истиқболда республика аэропортларида замонавий савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш, банк ва бошқа йўловчиларга хизмат кўрсатиш тармоқларини давлат-хусусий шериклик асосида кенгайтириш ишлари мўлжалланмоқда.

Uzbekistan Airports” AЖ матбуот хизмати