Xiaomi Smart ақлли кўзойнакларини тақдим этди

Xiaomi ақлли кўзойнакларни тақдим этди, улар қўнғироқлар, кўриш, навигация, камера, хорижий матнлар таржимаси функцияларини қўллаб-қувватлайди.

Ақлли кўзойнаклар диагонали 0,13 дюймли микроЛEД дисплей билан жиҳозланган. Ундаги тасвирлар кўзгулар ва призмаларнинг мураккаб тизимларидан фойдаланмаган ҳолда линзаларда акс этади. Ва ундаги 2 миллион нит тиниқлик хусусияти билан, ҳатто ёрқин қуёш нурида ҳам матнларни бемалол ўқиш мумкин.

Қурилма Андроид операцион тизимида ишлайди, тўрт ядроли процессор билан жиҳозланган. Шунингдек, кўзойнак “бортида” динамиклар, бир жуфт микрофон, сенсорли бошқарув панели, Wi-Fi, Bluetooth ва 5 мегапикселли камералар бор. Ушбу камерага сизни бошқалар тасвирга олаётгани ҳақида огоҳлантирадиган индикатор ўрнатилган.

Бироқ, Xiaomi ҳозирча қурилманинг қачон бозорга чиқарилиши мумкинлигини эълон қилмаган.