Япония маликаси тўй бадалидан бош тортмоқда

Жамоатчилик ўртасида тортишувлар бўлганидан ва режалаштирилган тўй кечиктирилгандан сўнг, Япония маликаси Мако Кей Америкага кўчиб кетмоқчи.

Япония валиаҳд шаҳзодасининг қизи ва император Нарухитонинг жияни кўп йиллар давомида севгилиси Кей Комурога турмушга чиқиш ниятига ета олмаяпти.

Эндиликда жуфтлик анъанавий маросимларсиз тўй қилишга қарор қилишди ва одатда император оиласидан турмушга чиққан аёл вакилаларга тўланадиган бадал пулини рад этишмоқчи. Тўлов миқдори номаълум, бироқ маълумотларга кўра у 137 миллион иена (1,2 миллион доллар) ёки ундан кўпроқ бўлиши мумкин.

Япония императорлик ворислиги қоидаларига кўра, 29 ёшли Мако оддий одамга турмушга чиққанидан кейин унвонидан маҳрум бўлади.

Валиаҳд шаҳзода Акишино қизининг турмушга чиқиш қарорини қўллаб-қувватлади, лекин у жамоатчилик “эътирофига” эришиш кераклигини айтмоқда.

Айтишларича, малика тўйдан кейин Қўшма Штатларга кўчиб ўтишни режалаштирган.