Европа Иттифоқи аҳолиси келажакка ижобийроқ қарашни бошлашди

“Eurobarometer” ижтимоий хизмати ўтказган сўровнома шуни кўрсатмоқдаки, Европа Иттифоқи аҳолиси келажакка нисбатан оптимистик муносабатда бўлишмоқда. Тадқиқот натижалари Европа Комиссияси сайтида эълон қилинган.

Таъкидланишича, 2020 йил ёзидан бошлаб келажакка ишонч кучайган. Сўровнома иштирокчиларининг 66 фоизи ташкилот келажагини ижобий баҳолаган, бу ўтган йилгидан олти фоизга кўп деганидир. Сўровнома натижалари 2009 йилнинг кузидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир, дейилади ҳисоботда.

Шу билан бирга, респондентларнинг 31 фоизи истиқболга пессимизм билан қарашади. Қатнашчиларнинг 27 фоизи Европа Иттифоқи мамлакатларидаги иқтисодий аҳволдан хавотирда. Шунингдек, қатнашувчиларнинг чорак қисми атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши муаммоли деб ҳисобламоқда. Яна ҳудди шунча одам муҳожирлар масаласига жиддий эътибор бериш кераклигини таъкидлашган.

Аввалроқ, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Европа Иттифоқининг умумий армиясини тузиш хавфли эканлигини, бу Европанинг бўлиниши ва Шимолий Атлантика иттифоқининг заифлашиш эҳтимолини кучайтиришини айтганди.