Йўловчиларга шилқимлик қилган такси ҳайдовчисига нисбатан чора кўрилади

Nemolchi.uz интернет-манбасида уч нафар аёлларга шилқимлик қилган такси ҳайдовчисига нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чора кўрилмаётгани ҳақида хабар эълон қилинди. Мазкур факт бўйича қуйидагиларни маълум қилинди.

Маълум бўлишича, “Матиз” русумли автомобил (давлат рақами 10 Й 518 СA) ҳайдовчиси – Жаҳонгир Т. томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани тўғрисида Тошкент шаҳар ИИББга ариза келиб тушмаган. Идора ходимлари юқоридаги эълон муаллифи билан боғланиб, жабрланувчилар ҳақида маълумот олгандан сўнг, аёлларга ёзма равишда ички ишлар органларига мурожаат қилиш зарурлиги тушунтирилди. 2021 йил 17 сентябр куни икки нафар жабрланувчилар – Э.М. ва Т.Ю.лар Миробод тумани ИИО ФМБга мурожаат қилишди. Учинчи қиз – М.С. ҳам яқин орада ариза ёзишга тайёрлигини билдирди.

Мазкур ҳолат бўйича тергов олди текширувлари олиб борилмоқда.