Ёшлар таълим-тарбияси сифатини ошириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 сентябрь куни ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

“Рақамли иқтисодиёт” мамлакатимиз тараққиётининг асосларидан бири сифатида белгиланган. Шу мақсадда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бошланди. Жумладан, унинг доирасида ҳудудларда 89 та, тармоқларда 200 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

Йил бошидан буён, IT Park резидентлари сони 35 фоизга кўпайиб, уларда 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг 8 ойида ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар 26 миллион долларга экспорт қилинган. Келгуси 3 йилда иқтисодиёт соҳаларида яна 300 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Ушбу лойиҳалар, умуман, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳозиргача бу лойиҳа доирасида 567 минг ўғил-қиз бепул сабоқ олди. Эътиборлиси, уларнинг 79 фоизи мактаб ўқувчиларидир.

Тадбир аввалида Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергавий видеоалоқа орқали ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Йиғилишда ахборот технологиялари бўйича таълим шароитларини яхшилаш ва қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

  2 мингдан ортиқ мактабнинг бирорта ҳам ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида иштирок этмагани кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари лойиҳани ҳар бир мактабга етказиш, зарур ҳолларда уларни қўшимча компьютерлар билан таъминлаш, болаларни ўқишга кенг жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

– Бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслиги керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, бундай ўқувлар жойлардаги Ёшлар маркази, “Ишга марҳамат” моно-марказлари негизида ҳам ташкил этилиши айтилди.

Бугунги кунда юртимизда ахборот технологияларига ихтисослашган 100 та мактаб фаолият юритмоқда. Келгуси икки йилда бундай муассасаларни 205 тага етказиб, 30 мингдан зиёд ўқувчиларни ўқитиш режалаштирилган.