45 мамлакат Россияни Навалнийнинг заҳарланиши бўйича сўроқ остига олдилар

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг 45 та аъзо давлатлари, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия Россияга 2020 йил август ойида сиёсатчи Алексей Навалнийнинг заҳарланиши бўйича саволларни расман юборди.

Саволларни топшириш Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти Ижроия кенгашининг навбатдаги сессияси очилиш пайтига тўғри келди. Саволларнинг моҳияти очиқланмаган.

Кимёвий қуролни тақиқлаш тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, Россия ўн кун ичида саволларга жавоб қайтариши керак.

2020 йил октябрь ойида ташкилот экспертлари Алексей Навалний Сибирга сафари давомида “Новичок” гуруҳи моддаси билан заҳарлангани тўғрисида илгари Германия мутахассислари томонидан олинган хулосаларнинг тўғрилигини тасдиқладилар.

Москва Навалнийни заҳарлашда иштирок этганини доимий равишда рад этиб келади.