Афғонистонда давлат университетларининг яқинда қайтадан очилиши маълум қилинди

Бу ҳақда мамлакат Олий таълим вазирлиги расмийлари хабaр берган.

Олий таълим вазири вазифасини бажарувчи Абдулбоқий Ҳаққоний “тайёргарликлар ва режалар тамомланди ва Ислом амирлигига оид университетлар яқинда қайтадан очилиб, таълим олиш давом этади”,-деган.

Афғонистон ҳукумати Толибон қўлига ўтгач, барча университетлар ёпилган, аммо бироз вақт ўтгач, хусусий университетларда ўқиш давом эттирилган эди.

Кобул университети сиёсатшунослик факультети талабаси Умид Мавлавийзоданинг айтишича, талабалар бу ваъдаларга унчалик ҳам ишонишмайди.

Чоршанба куни мамлакат Олий таълим вазирлиги талабаларга ўқиш ва стипендия имконларини бериш борасида хусусий университетлар уюшмаси билан шартнома тузган эди.