Алибаба асосчиси Жек Ма Гонконгда “пайдо бўлди”

Алибаба Груп асосчиси Жек Ма, ўтган йилнинг охирида бизнес империясига қонуний чекловлар қўйилганидан буён кўпчилик эътиборидан четда қолди. Ҳозирда у Гонконгда кўриниш бериб, охирги кунларда бизнес ҳамкорлар билан учрашмоқда, деб икки манба Рейтерс агентлигига хабар берди.

Хитойлик миллиардер ўтган йилнинг октябрь ойида Шанхайда Хитой молиявий назорат органларини танқид қилганидан бери ўзини панага олган эди.

Ма бу воқедан кейин омма олдида камдан-кам чиқиш қилган. Шунинг учун унинг қаердалиги ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади.

Хабарларга қараганда, бир пайтлар Хитойнинг энг таниқли тадбиркорларидан бири бўлган Ма ўтган ҳафта бир нечта ишбилармон шериклари билан учрашган.

Ма, асосан, Хитойнинг шарқий Ҳанчжоу шаҳрида фаолият олиб борган. Унинг бизнес империясининг қароргоҳи ҳам шу шаҳарда қад кўтарган.

Алибаба электрон тижорат гиганти апрель ойида монопол ҳуқуқбузарликларга йўл қўйгани учун рекорд даражадаги 2,75 миллиард доллар жаримага тортилганди.