Apple ишчиларни “очиқ” гапиришга ундаган яна бир ходимини ишдан бўшатди

Apple сафларида тартибсизликлар кучайиб бораётгани сабабли, ишчиларни компания ҳақидаги хавотирлари билан бўлишишга ундовчи ҳаракатларга бошчилик қилган ходимни ишдан бўшатди.

Ходимнинг адвокатига кўра, Техас штатининг Остин шаҳридан бўлган Жаннек Парриш Apple Хариталар хизматида дастур менежери бўлиб ишлаган.

Парриш хоним ички текширув вақтида ўзининг ишчи қурилмаларидан Apple иловалари ва файлларни ўчириб ташлагач, ишдан бўшатилган.

Бу йил Техас штатининг Роунд Рок шаҳри кенгашига номзодини қўйган Парриш хоним #AppleТоо ҳаракатининг бошланишига ёрдам берган. Ҳаракат Apple ходимларининг иш ҳақининг номувофиқлиги, ошкоралик ва шаффофликнинг етишмаслиги ва иш жойидаги бошқа турли муаммолар ҳақида гапиришларига сабаб бўлди.

Apple “ходимларнинг шахсий ҳаётини ҳурмат қилган ҳолда” воқеа тафсилотларини изоҳлашдан бош тортди.

Парриш хоним твиттерда Apple ҳақида қуйидагича изоҳ қолдирган: “Очиғини айтишнинг оқибатлари бор. Тўғри иш қилишнинг ҳам оқибатлари бор”.