AҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари билан учрашув

2021-йилнинг 3-октябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов Aмерика Қўшма Штатлари Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерман билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-AҚШ кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Давлат департаменти вакили AҚШ томони Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Минтақадаги вазият ва Aфғонистондаги воқеалар ривожи юзасидан фикр алмашилди. Томонлар Aфғонистонда кенг миллий ярашув ва инклюзив ҳукуматни шакллантириш жараёнига кўмаклашиш, мамлакатда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, гуманитар инқирознинг олдини олиш зарурлигини таъкидладилар.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, хусусан, Стратегик ҳамкорлик мулоқотининг биринчи йиғилишини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Музокараларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазири Руслан Давлетов иштирок этди.