АҚШ сенаторлари хатоларни такрорламаслик учун Афғонистон урушини ўрганишни таклиф қилди

Темми Дакворт бошчилигидаги АҚШ сенаторлари гуруҳи Конгрессга Афғонистондаги урушнинг барча жиҳатларини ўрганиш учун комиссия тузишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди.

Гуруҳнинг таъкидлашича, урушни таҳлил қилиш АҚШ ҳукуматига келажакда шунга ўхшаш хатолардан қочишга ёрдам беради.

“Комиссиянинг мақсади – Афғонистондаги урушни ўрганиш, стратегик хулосалар чиқариш ва АҚШ ҳукумати, АҚШнинг бўлажак сиёсатчилари ва АҚШнинг юқори мартабали қўмондонларига тавсиялар бериш”, – дейилади ҳужжатда.

Комиссия ҳарбий ҳаракатлар, разведка операциялари ва реконструксия ишларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ барча масалаларни диққат билан кўриб чиқиши керак. Комиссия АҚШ дипломатлари ишини, Вашингтон ва Кобул ҳамкорлигига, шунингдек, НАТО мамлакатларининг урушда иштирокига таъсир кўрсатган сиёсий ва стратегик қарорларни таҳлил қилади.

Комиссия фикрича, унинг иш натижалари АҚШнинг Афғонистондаги 20 йиллик фаолиятидан нафақат сабоқ олишини, балки келажакда ҳам ўша хатоларнинг такрорланишига йўл қўймаслигини таъминлайди.