Ашраф Ғанининг мамлакатдан пул олиб чиқиб кетгани бўйича айбловлар ўрганиб чиқилади

АҚШнинг Афғонистонни тиклаш бўйича махсус инспектори Жон Сопконинг айтишича, унинг идораси Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этаётган пайтда миллионлаб долларларни олиб кетгани ҳақидаги даъволарни кўриб чиқади.

Ғани қон тўкилишининг олдини олиш учун Кобулдан кетганини айтган ва ўзи билан катта миқдордаги пулни олиб кетгани ҳақидаги хабарларни рад этган. Аммо айбловлар давом этмоқда ва Конгресс Сопко жамоасидан ишнинг охиригача боришни сўради.

Август ойида Толибон жангарилари Кобул атрофига етиб келгани асносида Ғанининг қочиб қолгани қаттиқ танқидларга сабаб бўлган эди.

Афғонистонни қайта қуриш бўйича махсус инспектори Сопко идораси узоқ вақтдан бери, 20 йил ўтиб Толибон ҳокимиятни қўлга киритгач шармандалик билан якунланган Американинг улкан давлат қуриш ҳаракатларида фирибгарлик, исрофгарчилик ва суиистеъмоллик ҳолатларини текшириб келган.

“Коррупция шу қадар кенг тарқалганки, охир-оқибат у Афғонистондаги хавфсизлик ва реконструкция жараёнларига таҳдид солди”, – деди Сопко Вакиллар палатаси мажлисида.

АҚШ ва бошқа давлатлар Афғонистонга деярли барча ёрдамларни тўхтатди.