Бу йил қиш Европада одатдагидан кўра қаттиқроқ келади

Европада газ ва электр нархининг кўтарилиши қитъага совуқ ва “қиммат” қиш билан таҳдид қилмоқда, чунки ҳукуматнинг фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари инқироз кўламини бартараф этиш учун етарли бўлмайди.

Бир нечта давлат ҳукуматлари мисли кўрилмаган харажатлар ўсиши билан курашаётган истеъмолчиларга 10 миллиард евро миқдорида субсидия ва бошқа турдаги ёрдамлар беришни ваъда қилган. Юнонистон ҳукумати ва таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, бу йилги қишда Европа Иттифоқи аҳолиси 100 миллиард евролик қўшимча энергия тўловларини тўлашларига тўғри келади.

Қитъадаги ўн миллионлаб оилалар ортиқча бир неча юз евро тўлашларига йўл қўймаслик учун ҳукуматнинг анча катта аралашуви зарур ва эҳтимол қишда ўртача ҳарорат керак бўлади.

“Европа Иттифоқи фуқаролари энергия харажатларини қоплай олмайдилар, натижада энергияга эҳтиёж ошади”, – дейилади Юнонистон молия ва атроф-муҳит вазирлари 2 октябрь куни Евро ҳудуди молия бошлиғига йўллаган мактубида. “Истеъмолчилар тўлайдиган қўшимча энергия харажатлари 100 миллиард еврогача етиши мумкин”.

Қитъада Россиядан табиий газ импортининг чекланганлиги, уни сақловчи омборлар етишмаслиги, шунингдек, талаб ва таклиф динамикасининг кескин бузилиши туфайли газ ва электр энергияси нархлари рекорд даражада ортиб бормоқда.

Келгуси ҳафтада Европа Иттифоқи аъзо давлатлар учун қўшимча чоралар бўйича тавсиялар беради. Бу ҳаракат кўпроқ ҳукуматлар истеъмолчилар ва корхоналарга шошилинч ёрдам кўрсатишга йўл очади.

Манчестер университети энергетика профессори Стефан Бузаровскийнинг сўзларига кўра, давлатлар кўпроқ чоралар кўришлари керак, чунки ҳозиргача эълон қилинган қўллаб-қувватлаш ҳаракатлари билан ҳам 70-90 миллион уй хўжаликлари энергия харажатларини қоплашлари қийин бўлиши мумкин.