ДХА: 300 та хизмат, 1000дан ортиқ ҳуқуқий ёрдам

Кеча, 10 октябрь куни вилоятимиздаги барча деҳқон бозорлари ҳамда йирик савдо мажмуаларида “Ўзимиз келдик” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятидаги 16 та туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ҳамда 23 та ФҲДЁ бўлимлари томонидан сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Шунингдек, давлат хизматлари ва ФХДЁ соҳасига оид хизматлар сайёр тартибда кўрсатилди. Хусусан, бозорга ташриф бурган фуқароларга ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси масъулларит ва марказ мутахассислари бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, сайлов қонунчилиги бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини ҳам олиб боришди.

Самарқанд шаҳридаги “Сиёб деҳқон бозори” ҳар доим бозор-ўчар қилувчилар билан гавжум. Шу куни ҳам эрта тонгдан замонавий мобил автобус фуқаролар хизматида бўлди. Ушбу бозорга келувчи шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари ҳам рўзғор кам-кўстини тўлдириш, ҳам зарур хизмат ва ҳуқуқий ёрдамни олиш имконига эга бўлди. Жумладан, 100 нафардан ортиқ фуқаро мутахассислардан бепул ҳуқуқий маслаҳат, 28 нафар фуқаро сайёр тартибда кўрсатилган хизматлардан фойдаланди.

— Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — аҳолининг давлат хизматларидан эркин фойдаланишларига шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, — дейди Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи М. Қурбонов. — Умуман, кейинги вақтда жойларга чиққан ҳолда, маҳаллабай хизмат кўрсатиш тартибини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бунда жараён самарадорлигини ошириш мақсадида кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Мазкур лойиҳани амалга оширишда ҳам шу тамойил юқори натижа бермоқда.

“Ургут савдо комплекси”да ҳам “Ўзимиз келдик” лойиҳаси уюшқоқлик билан ташкил этилди. Ургутлик 120 нафар аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат, 30 нафар фуқарога давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди. Хусусан, кўплаб фуқароларнинг никоҳ, туғилиш билан боғлиқ муаммолари шу жойнинг ўзида кўриб чиқилиб, бартараф этилди. Дарҳақиқат, Ш.Мухторов ва Н.Бахтонқуловалар оила қурганига узоқ йиллар бўлган бўлишига қарамай, вақтида қонуний никоҳдан ўтмаганликларини маълум қилиб, амалий ёрдам сўради. Ургут туман 2-сон ФҲДЁ бўлими томонидан ушбу оиланинг никоҳи қонуний қайд қилиниб, оиланинг 2 нафар фарзандига ҳам туғилганлик муддати ўтказилиб расмийлаштирилди ва гувоҳномалар тантанали топширилди.

— Атторлик буюмлари савдосини йўлга қўйганман, — дейди пайариқлик Н. Муқимова. — Тадбиркорлик фаолиятимни қонунийлаштириш масаласида муаммоларим бор эди. Туман Давлат хизматлари маркази ходимлари бозорга келиб, сайёр қабул ўтказишгани айни муддао бўлди. Чунки муаммойим шу ернинг ўзида ҳал бўлиб, Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтдим. Энди қонуний фаолият юритиб, меҳнат стажига ҳам эга бўламан.

Сайёр қабулларда 300 дан ортиқ давлат хизматлари, шунингдек, мингдан ортиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид масалаларни тартибга солувчи қарорлар мазмуни, сайловда иштирок этиш тартиби тушунтирилиб, давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш тартиби, давлат хизматлари соҳасидаги янгиликлар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзимиз келдик” лойиҳаси келаси якшанба, 17 октябрь куни ҳам соат 9:00 дан 15:00 гача вилоятимизнинг барча деҳқон бозорлари ҳамда йирик савдо мажмуаларида ўтказилади.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати