ДХА: ҲЕЧ БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАДИ

Жорий йилнинг 10 ва 17 октябрь кунлари фуқаролар ва тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Ўзимиз келдик” лойиҳаси доирасида вилоятимиздаги барча марказий савдо мажмуалари ва деҳқон бозорларида давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ташаббуси билан сайёр қабуллар ташкил этилди. Тадбир жараёнида аҳоли ўртасида қонунчилигимиздаги ислоҳотлар, хусусан, Президент сайлови, унда иштирок этиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида, яъни 10 октябрь куни туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ органлари томонидан жами 300 та давлат хизматлари, 1000 дан ортиқ ҳуқуқий маслаҳатлар берилган бўлса, 17 октябрь, якшанба куни бўлиб ўтган навбатдаги сайёр тадбирлар мобайнида эса 203 та давлат хизматлари ҳамда 2245 та ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Қисқа қилиб айтганда, лойиҳа жараёнида 503 нафар фуқаро ва тадбиркор ўз ҳудудида, ўз иш жойида давлат хизматидан фойдаланди. 3000 нафардан зиёд аҳоли бепул ҳуқуқий кўмак олди.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “Мусо Хонкелди” савдо мажмуасида ташкил этилган сайёр қабулда Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази ҳамда Самарқанд шаҳар Никоҳ уйи ходимлари томонидан фуқаро ва тадбиркорлар қабул қилиниб, уларни қизиқтирган ҳар бир масалани ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилди.

— Биз тадбиркорларда бўш вақт бўлмайди, ҳар куни савдо-сотиқ билан банд бўламиз, — дейди Собир Алиев. — Шу сабабли анча вақтдан буён фаолиятимга оид ҳужжатларни янгилаш ва уйимнинг кадастр ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш учун марказга боришга қунт қилолмаётгандим. Соҳа ходимларининг бозорга ўзлари келишгани айни муддао бўлди. Энг асосийси, ҳеч қандай қоғозбозлик, ортиқча оворагарчиликсиз ишим битди. Бир неча дақиқада учта масаламни ҳал қилиб беришди.

Сайёр қабулда Давлат хизматлари агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи М. Қурбанов ҳам иштирок этиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглади. Уларни қийнаётган масалаларни шу жойнинг ўзида ўрганиб, ижобий ҳал қилишга бош қўшди. Ҳеч бир мурожаатни эътибордан четда қолдирмади.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати