Филиппинлик Нобел мукофоти совриндори: Facebook демократияга таҳдид солади

Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори бўлган филиппинлик журналист Мария Ресса Facebookни демократияга таҳдид солиш ва ҳақиқатларни яширишда айблаб танқид қилди.

Мария Рессанинг қўшимча қилишича, Facebook нафратли сўзлар ва нотўғри маълумотларнинг олдини ололмайди.

“Facebookнинг алгоритмлари ҳақиқатдан кўра ғазаб ва нафратни тарқатишни биринчи ўринга қўяди”, деди журналист ва Филиппин ахборот веб-сайти директори мукофот эълон қилинганидан кейин Рейтерс агентлигига берган интервюсида.

Рессанинг айтишича, Facebook дунёдаги энг йирик ахборот тарқатувчиларидан бирига айланган, лекин у фактларга ва журналистикага қарши.

Ресса Филиппин президенти Родриго Дутерте тарафдорлари томонидан ижтимоий тармоқларда қизғин нафрат кампанияларининг нишонига айланди.

Facebook ҳуқуқбузарликларни рад этади. Филиппиндаги Facebook вакили Рессанинг шарҳларига изоҳ бериш талабларига жавоб бермади.