ЖССТ безгакка қарши биринчи вакцинани тасдиқлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Африка мамлакатларидаги кўп йиллик синовлардан сўнг дунёдаги биринчи безгакка қарши вакцинани қўллашни маъқуллади ва уни бутун дунё бўйлаб қўллашни тавсия қилди.

ЖССТ бош директори Тедрос Аденом Гебреесус БМТ соғлиқни сақлаш агентлиги маслаҳат гуруҳининг тасдиғини “тарихий лаҳза” деб атади.

“Mosquirix” деб номланувчи безгакка қарши вакцина 1987 йилда Британиянинг GlaxoSmithKline (GSK) фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

2019 йилдан буён ЖССТ Гана, Кения ва Малавида 800 мингдан ортиқ болаларда эмлаш самарадорлигини синовдан ўтказди.

Шу билан бирга, ёзда Лондон тропик тиббиёт мактаби олимлари безгакка қарши эмланган ва бир пайтда безгакка қарши дориларни қабул қилган болалар орасида касалхонага тушиб қолиш ёки ўлим кўрсаткичлари 70 фоизга камайганини аниқладилар.

Вакцинани синовдан ўтказган ЖССТ гуруҳини бошқарган доктор Алекандро Кравиотонинг айтишича, вакцинани ишлаб чиқиш жараёни жуда қийин.

Безгак чивин чақиши орқали одамларга юқадиган юқумли касаллик тури ҳисобланади. Касаллик иситма, титроқ, талоқ ва жигар кенгайиши, камқонлик билан кечади. Ҳар йили тахминан 350-500 миллион киши безгакка чалинади. Улардан 1,3 дан 3 миллионгачаси вафот этади. Асосан, бу касаллик Африка давлатларида кенг тарқалган.