Журналистлар Мария Ресса ва Дмитрий Муратов тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлишди

Икки журналист, филиппинлик Мария Ресса ва россиялик Дмитрий Муратовлар “демократия ва мустаҳкам тинчлик учун керак бўлган сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги саъй-ҳаракатларини” эътироф этиб, Нобел мукофотига сазовор бўлишди.

Нобел қўмитаси иккала журналистга “Филиппин ва Россияда сўз эркинлиги учун жасоратли кураши учун” ҳурмат кўрсатди. Шу билан бирга, улар демократия ва матбуот эркинлиги тобора ёмонлашиб бораётган шароитлардаги дунёда эркинликни ҳимоя қиладиган барча журналистларнинг вакиллари ҳисобланади.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти “миллатлар ўртасидаги қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун энг кўп ёки энг яхши ишни қилган” шахс ёки ташкилотни тақдирлаш учун мўлжалланган.

Мукофот билан бирга олтин медаль ва 10 миллион швед крони (1,14 миллион доллардан ортиқ) ҳам берилади.

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти танзаниялик ёзувчи Абдулразак Гурнага топширилди. У “мустамлакачилик оқибатлари ва қочқинлар тақдирига беэътибор бўлмагани” учун мукофотланди.

Келаси ҳафта душанба куни иқтисодиёт соҳасидаги улкан ютуқлар учун Нобел мукофоти ўз эгасини топади.