Кобулдаги масжид кираверишида портлаш содир бўлди

Афғонистон Маданият ва информация вазири вазифасини бажарувчи Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг хабар беришича, 3-октябр якшанба куни туш пайтида Кобулдаги Эйдгоҳ масжидининг кираверишида бомба портлаган.

Мужоҳид ўзининг Твиттер ҳисобида портлашнинг гавжум ерда содир бўлганини ёзган, аммо қурбонлар ва ярадорлар ҳақида маълумот бермаган.

Портлаш пайтида масжидда Мужоҳиднинг бир неча кун аввал вафот этган онасига атаб хатм маросими ўтказилаётган эди.

Ички ишлар вазирлиги мазкур воқеа оқибатида беш кишига зарар етказилганлигини хабар қилган.

Портлашни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз бўйнига олмаган.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, бомба масжидга бир гуруҳ инсонларнинг маросимда иштирок этиш учун кираётган пайтда содир бўлган.