Макрон дунёда ўлим жазосини бекор қилиш кампаниясини бошламоқчи

Франция президенти Эммануел Макрон ўлим жазоси қўлланилаётган мамлакатлар раҳбарлари ва ҳукуматларини уни бекор қилишга ишонтириш ниятида.

Шанба куни, Францияда ўлим жазоси бекор қилинганининг 40 йиллиги муносабати билан, Макрон “Ўлим жазосига қарши биргаликда” нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда юқори даражада учрашув ташкил этиш ниятида эканини айтди.

Макроннинг айтишича, курашни қайта бошлаш керак ва бу жазони ҳали ҳам қўллаётган давлат ва ҳукумат раҳбарларини ишонтириш керак.

Париждаги Пантеонда чиқишида Макрон 2020 йилда дунёнинг 33 мамлакатида содир этилган давлат даражасида камида 483 та “қотиллик” ҳақида гапирди.

Дунёнинг 55 давлати ўлим жазосини қўллайди, Францияда эса бу жазо қонун билан 1981 йил 9 октябрда, собиқ президент Француа Миттеран даврида бекор қилинган.

Охирги марта Францияда қатл қилиш жазоси 1977 йил сентябрь ойида амалга оширилган.