Миланда самолёт қулаб тушди, қурбонлар бор

Якшанба куни тушдан кейин олтита йўловчи ва икки экипаж аъзоларини олиб бораётган самолёт Миландаги бинога бориб урилган ва бортдаги барча ҳалок бўлган.

Руминияда рўйхатдан ўтган кичик хусусий самолёт Сан-Донато Миланесе туманида бўш турган икки қаватли офис биносига урилди.

У Миланнинг Линет аэропортидан парвозга кўтарилишидан кўп ўтмай қулаб тушди. Самолёт Италиянинг Сардиния оролидаги Олбия аэропорти томон учаётган эди.

Милан прокурори Тизиана Сицилианонинг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида учувчи ва йўловчилар бор. Унинг сўзларига кўра, бортдаги йўловчиларнинг шахслари ҳали аниқланмаган, бироқ улар италиялик бўлмаганлиги маълум.

Самолёт 30 сентябрь куни Руминия пойтахти Бухарестдан Миланга ҳеч қандай муаммосиз учган.