Нега Германияда сохта автобус бекатлари қурилади?

Бундай бекатларда автобус кутиш бефойда. Ҳатто энг оддий микроавтобус ҳам бу ерда тўхтамайди. Аммо бекатлар одамлар ҳаёти учун зарур ва фойдалидир.

Бу сохта бекатлар худди ҳақиқий бекатларга ўхшатиб қурилган. Уларда дўкон, маршрут жадваллари ва ҳатто рекламалар бор. Бироқ, уларнинг ҳаммаси сохта.

Сохта бекатлар 2006 йилда тажриба сифатида пайдо бўлган, аммо ўшандан бери ўнлаб шундай бекатлар қурилиб келинмоқда.

Асосан, сохта бекатлар дементиа (сустлашган фикрлаш қобилияти) ёки Альцгеймер касаллиги билан оғриган беморлар яшайдиган касалхоналар, поликлиникалар ва қариялар уйлари яқинида жойлашган.

Бу касалликдан азият чекаётган одамлар кўпинча уйлари ёки касалхоналаридан ўзлари билмаган ҳолда чиқиб кетишади ва бекатни кўриб, автобус уларни олиб кетишини кутишади. Бироз кутишгач улар нима учун кетаётганини ва қаерга кетаётганини бутунлай унутишади. Беморлар назарида бекатлар энг хавфсиз жой бўлиб кўринади. Оқибатда шифокорлар ўз беморларини у ерлардан тезда топиб олиб, қайтариб олиб кетадилар.

Сохта бекатлар Германияда ўз ўрнини топгач, Полша ва Белоруссияда ҳам пайдо бўла бошлади.