Нобел мукофоти лауреатлари Швецияда эълон қилинади

Швеция ва Норвегия шу ҳафта бешта йўналиш бўйича 2021 йилги Нобел мукофоти совриндорлари номини эълон қилади.

Душанба куни Стокголмдаги Нобел қўмитаси тиббиёт мукофоти кимга топширилганини эълон қилди. 5 октябрь, сешанба куни физика, чоршанба куни кимё, пайшанба куни адабиёт совриндори аниқланади.

Дунёдаги энг обрўли мукофотлардан бири ҳисобланган Тинчлик мукофоти лауреати анъанавий тарзда Ослода эълон қилинади. Маросим жума кунига режалаштирилган. Нобел қўмитаси маълумотларига кўра, бу йил Тинчлик мукофотига 329 номзод кўрсатилган, улардан 234 таси жисмоний шахслар, қолган 95 таси ташкилотлардир.

Нобел қўмитаси қоидаларига кўра, мукофотга даъвогарлар рўйхати сир сақланади. Нобел жамғармаси номзодлар рўйхатини камида 50 йил давомида эълон қилмаслиги керак.

Бу йил давомида бир қатор оммавий ахборот воситалари дунёнинг таниқли раҳбарлари ва сиёсатчилари Тинчлик мукофотига номзод бўлганини бир неча бор хабар қилишди. Хусусан, уларнинг маълумотларига кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуден, ВикиЛикс асосчиси Жулиан Ассанж тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод бўлган. Номзодлар орасида, баъзи маълумотларга кўра, Белорусда собиқ президентликка номзод Светлана Тихановская ва эко-фаол Грета Тунберг ҳам бор. Бундан ташқари, “Чегара билмас мухбирлар” ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси каби ташкилотлар ҳам номзод ҳисобланади.

11 октябрь куни Швеция пойтахтида Алфред Нобел хотирасига бағишланган Швеция давлат банкининг иқтисодиёт фанлари мукофоти совриндори аниқланади.

2021 йилги Нобел мукофоти 10 миллион швед кронасини (тахминан 1,1 миллион доллар) ташкил этади.