Ўзбек аёл-гроссмейстери АҚШ шахмат чемпионатида қатнашади

Бегим Тоҳиржонова аёл-гроссмейстер, лекин унинг орзулари жуда баланд. У энг юқори гроссмейстер унвонига эришмоқчи. Бегим Тоҳиржонова Миссури университетининг бизнес йўналишида таълим олади.

Аёл-гроссмейстер унвонига фақат аёллар эришиши мумкин бўлса, гроссмейстер шахмат спорт туридаги энг юқори даража ҳисобланади.

Унинг бу мақсади яқин бир неча ҳафта ичида амалга ошиши мумкин. Тоҳиржонова 5-19 октябрь кунлари Сент-Луис шахмат клубида бўлиб ўтадиган 2021 йилги аёллар шахмати бўйича АҚШ чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган 12 нафар аёл шахматчилардан биридир.

“Мен жуда ҳаяжондаман”, – деди Тохиржонова. “Бу менинг АҚШ шахматчиси сифатида биринчи тажрибам.”

У 2019 йилда Ўзбекистондан Миссури Университетига келган ва университет шахмат жамоасига қўшилган. Мураббий Кристиан Чирила уни жамоага қабул қилган.

Тохиржонова 5 ёшидан бери шахмат билан шуғулланади ва 16 ёшида шахматчи аёл гроссмейстерга айланган. 2009 йилда у қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида уч карра олтин, классик, рапид ва блиц йўналишлари бўйича олтин медалларни қўлга киритган.

Бегим ўз тоифасида ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди. У ўз тоифасида 2015 йилда қизлар ўртасида Осиё чемпионлигини қўлга киритган ҳамда шахмат бўйича аёллар ўртасидаги 2018 йилги Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиққан. Тоҳиржонова 2016 ва 2018 йилларда иккита шахмат бўйича аёллар олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоасида таркибида қатнашган.

Университетда эса у ўтган йили Халқаро шахмат федерацияси турнирида ғолиб бўлган. Унинг айтишича, бўлажак турнир унинг учун жуда катта воқеа ҳисобланади. Бегим ҳафтасига 10-12 соатга ўз жамоаси билан ва якка тартибда машқ қилади.

Сент-Луис турниридаги мукофот миқдори 100 минг долларни ташкил этади, лекин Тохиржонова у учун молиявий мукофот иккинчи даражали эканлигини айтди.