Ўзининг ҳисобидан мактаб қурган муаллим

Мўйноқда эл-юрти, Ватанини чексиз севадиган, касбига садоқатли, ўта мушкул экологик ҳудудда яшаётганига қарамасдан ҳаёт учун курашиб, ўзларининг меҳнатини сидқидилдан амалга ошириб, халқнинг меҳрини қозонаётган фидойи инсонлар жуда кўп. Шулардан бири Зулфия Турдимуратовадир.

1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Зулфия Турдимуратованинг қилган хайрия ишлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, кўплаб илиқ фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Зулфия Турдимуратова 1968 йилда Мўйноқ тумани “Қаражар” қишлоғида дунёга келган. “Қаражар” қишлоғидаги ўрта мактабда билим олди. Сўнг Қорақалпоқ давлат университетида қорақалпоқ тили ва адабиёти йўналиши бўйича таҳсил олиб, уни 1993 йилда муваффақиятли тугатди.

1998 йилда «Жалғиз терек» қишлоғига аҳолининг илтимоси билан кўчиб боради ва бошланғич синф ўқувчиларига дарс бера бошлайди. У кўчиб ўтган қишлоқда мактаб йўқ эди. 1998 йилда базўр қамишдан ўз кучи билан мактаб филиали биносини кўтаради. Лекин, қамишдан қурилган мактаб кўпга чидамайди. Мактаб биносини янгидан қуриш керак бўлади, аммо Ҳукумат томонидан ёрдам бўлмайди. Сўнг 2011 йилда ўз ҳисобидан янги мактаб биносини қуришга киришади. Турмуш ўртоғи Сахи оға билан маслаҳатлашиб, қўрасидаги қўй-эчкиларини сотиб, қурилиш материалларига харажат қилади. Қурилиш ишига кўп маблағ кетади, қўрадаги қўй-эчкилари ҳам тугайди. Давлат томонидан ҳамон ёдам йўқ. Ноилож қолган Зулфия опа ниҳоят ўз номига банкдан кредит расмийлаштириб мактаб қурилишини охирига етказади.

Зулфия Турдимуратова ушбу мактаб филиалида ягона муаллимдир. Яқинда нафақага чиқса ҳам бошланғич синфларда ўқийдиган 12 нафар болага таълим-тарбия бериб келмоқда.  

Зулфия Турдимуратова шу эл фарзандлари учун имконияти етгунича фидойилигини намойиш этди.

Е.Қаноатов, ЎзА