Покистон ядро-бомбасининг “отаси” вафот этди

“Покистон ядровий бомбасининг отаси” деб ҳисобланган олим, доктор Абдул Қодир Хон коронавирусга чалиниб касалхонасига ётқизилганидан кейин 85 ёшида вафот этди.

Доктор Хон ўз мамлакатини дунёдаги биринчи атом бомбасига эга исломий давлатга айлантиргани учун миллий қаҳрамон сифатида эътироф этилади.

Аммо у ядро-бомбасига оид сирларни Шимолий Корея ва Эрон каби давлатларга яширинча узатгани билан ҳам машҳур бўлган.

Бош вазир Имрон Хоннинг айтишича, Покистон “миллий қаҳрамонини” йўқотди.

АҚ Хон номи билан танилган олим Покистоннинг Исломобод яқинидаги Каҳута шаҳрида биринчи ядровий бойитиш заводини ташкил қилишда муҳим роль ўйнаган. 1998 йилга келиб мамлакат биринчи ядровий синовларини ўтказди.

Ҳиндистоннинг шунга ўхшаш синовларидан кўп ўтмай, доктор Хон амалга оширган иш Покистонни дунёдаги еттинчи ядровий куч сифатида муҳрлашга ёрдам берди.

Аммо у 2004 йилда Эрон, Ливия ва Шимолий Корея билан ядро технологиясини ноқонуний алмашгани учун ҳибсга олинган. Унинг ядро сирларини бошқа давлатларга тарқатгани Покистонни ларзага солди.

Доктор Хон Покистоннинг ўша пайтдаги президенти Парвиз Мушарраф томонидан афв этилган, лекин, 2009 йилгача уй қамоғида сақланган.

Хон Покистонда миллий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги роли учун ифтихор рамзи бўлиб қолди.