Сара Эверарднинг қотили – Британия полицияси ходими умрбод озодликдан маҳрум қилинди

Лондоннинг собиқ полициячиси, Сара Эверардни ўғирлаш, зўрлаш ва ўлдиришни тан олган Уэйн Кузенс ​​умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Лорд-судья Адриан Фулфорд гавжум суд зали қаршисида ҳукмни ўқир экан, Эверардни “зўравонлик билан содир этилган жиноятларнинг бенуқсон қурбони” деб атади ва содир этилган жиноятни “ҳалокатли, фожиали ва ўта шафқатсиз” дея баҳолади. Судья, полициячи мақомида бўлган Кузенсни ​​3 март оқшомини Сарани “овлаш, ўғирлаб кетиш ва зўрлаш” учун сарфлаганини қўшимча қилди.

Кузенс суд мажлисининг эшитуви давомида бошини эгиб, кўзларини юмиб ўтирди. Судья бир неча бор Кузенснинг суддаги хатти-ҳаракатларини танқид қилиб, буни “ўзига ачиниш” ҳиссини уйғотишга бўлган ҳаракат эканлигини таъкидлади.

Эверарднинг ота-онаси Жереми ва Сюзан, унинг синглиси Кети ва кўплаб дўстлари Англия ва Уэлснинг марказий жиноят ишлари бўйича Лондондаги Олд Бейли судига ташриф буюришди.

Ҳукм эшитуви жараёнида прокурорлар Кузенс ўзининг полиция гувоҳномаси ва кишанлари ёрдамида Эверардни Covid-19 қоидаларини бузганлигини баҳона қилиб, алдаб машинасига ўтқазганини айтишди. Ўша куни кечқурун Кузен суни зўрлаб, полиция камари билан бўғиб ўлдирган.

Буюк Британияда қотиллик ҳолатлари бўйича умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мажбурийдир, лекин одатда суд озодликдан маҳрум қилиш жазосидан олдин шартли озод бўлишнинг энг минимал муддатини белгилайди.

48 ёшли Кузенс эса минимал муддат белгиланмай, ҳеч қачон шартли равишда озод қилинмайдиган ҳолатда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу суд амалиётида жуда кам учрайди.

33 ёшли маркетинг бўйича менежер лавозимида ишлаган Эверард 3 март куни кечқурун Лондон жанубидаги Клефем шаҳридаги дўстининг уйидан чиқиб кетганидан кейин бедарак йўқолган. Унинг қолдиқлари бир неча кундан кейин Кент тумани, Ашфорд яқинидаги ўрмонда, уни охирги марта кўришган жойдан 50 миль нарида топилган.

Кейинчалик Кузенс Эверарднинг жасади топилган жой яқинидаги Кентдаги уйида ҳибсга олинди. Кузенс унга қўйилган барча айбловларни тан олди, шунинг учун суд жараёни бўлмади.

Прокурорнинг сўзларига кўра, Эверард ўғирлаб кетилганидан кейин бир неча соат давомида тирик бўлган ва орадан бир неча соат ўтиб, 4 март куни соат 2:30 да вафот этган.

Саранинг онаси Сюзаннинг айтишича, унинг қизи “бу дунёдаги охирги соатларини энг ёмон одамлар билан ўтказган”. Сара Уэйн Кузенс ўзининг бузуқ истакларини қондирмоқчи бўлгани сабабли ўз ҳаётини йўқотди. … Сюзаннинг таъкидлашича, “қотил унинг қизига қиймати йўқ буюмдек муносабатда бўлган ва уни ахлат каби ташлаб юборган”. “Бу даҳшатли ўй мени безовта қилмоқда”, – деган Сюзан.