“СИЗ КЕЛМАНГ, ЎЗИМИЗ БОРАМИЗ!”

Мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилаётган сайёр давлат хизматлари ҳамда сайёр қабуллар фуқароларнинг узоғини яқин қилиш баробарида, уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ҳамда соҳадаги янгиликлар билан яқиндан таништириш имконини бермоқда.

Ана шундай тадбирларнинг навбатдаги манзили Каттақўрғон туманидаги “Шўрак” ҳамда “Янгиқўрғонча” маҳаллалари бўлди.

Каттақўрғон тумани Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан фуқароларнинг давлат хизматлари билан боғлиқ муаммолари, мавжуд масалалари ўрганилди ҳамда талаб ва эҳтиёжга қараб шу жойнинг ўзида сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди.

Жумладан, 12 нафар фуқаро кадастр паспортини шакллантириш, 26 нафар фуқаро фарзандини боғчага жойлаштириш, 8 нафар фуқаро кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, 6 нафар фуқаро пенсия миқдори ҳамда шу сингари бошқа хизматлардан ўз қишлоғидан чиқмаган ҳолда фойдаланди.

— Давлат хизматчиларининг бу тарзда қишлоғимизга келиб хизмат кўрсатиши мен каби оналарга жуда катта ёрдам бўлди, — дейди М.Исақова. — Рўзғор ишларидан ортиб, 2016 йилда туғилган ўғлимни боғчага жойлаштириш борасида туман марказидаги Давлат хизматлари марказига боришга ҳеч вақт тополмаётгандим. Уларнинг ўзлари келишди, мен каби кўплаб қишлоқдошларим шундан фойдаланиб, муаммоларимизни ҳал қилиб олдик.

Бундан ташқари, 58 нафар ушбу маҳаллаларда яшовчи аҳолига Давлат хизматлари ва ФҲДЁ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Жойларда ушбу йўналишдаги сайёр тадбирлар давом этмоқда.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати