ССВ: Ўзбекистонга ноёб лаборатория олиб келинди

Ўзбекистонга илк бор кўчма мобиль ПЗР лабораторияси олиб келинди. У бир суткада 1,5 минг кишида коронавирусга ПЗР текширувини амалга ошириш имконини беради. 

— Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 200 га яқин турғун ПЗР лобораториялари мавжуд, — дейди Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев. — Аммо бу чекка ва олис ҳудудлар аҳолисини тўлиқ қамраб олишда баъзи муаммоларни юзага келтираётганди. Шу боис, бугун келтирилган кўчма мобиль ПЗР лабораторияси ва эмлаш пункти юртимизнинг исталган ҳудудига бориб, коронавирус таҳлилларини ўтказиш имконини беради. Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур замонавий техника воситалари ёрдамида ПЗР тести натижаларини 1 соат муддатда олиш мумкин.

Айтиш керакки, кўчма мобиль лаборатория 2020 йилда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва OPASCA GmbH кўмагида ҳаётга татбиқ этилган “Германия ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимига техник ва ташкилий ёрдами” лойиҳаси доирасида юртимизга келтирилди. Унда аҳоли ва тиббиёт ходимлари бригадаси учун барча қулайликлар мужассам. 

Электр энергияси бўлмаган вазиятларда ҳам 6 соатгача хизмат кўрсата олади. Ҳайдовчи ва 3 нафар тиббиёт ходими фаолияти учун тўлиқ мослаштирилган. Уларнинг дам олиши, овқатланиши, ювиниши ва бошқа эҳтиёжлари учун зарур шароитларга эга.

Мобиль ПЗР лабораторияси дастлабки фаолиятини Самарқанд вилоятининг чекка ва аҳоли сони кўп бўлган ҳудудларидан бошлаши кутилмоқда. Фуқаролар мазкур лабораторияда коронавирусга бепул тест топширадилар.