Техасда мажбурий эмлаш тақиқланди

Техас губернатори Грег Абботт штатдаги барча ташкилотларга, жумладан, хусусий компанияларга ҳам мажбурий эмлашни амалга оширишни тақиқловчи фармон чиқарди.

Республикачи жаноб Абботт коронавирусга қарши вакциналарни мажбурий қўллашга қарши бўлган АҚШнинг энг зиддиятли раҳбарларидан бири ҳисобланади.

Губернатор штат қонунчиларини ушбу мазмунда қонун қабул қилишга чақирди. Шунингдек, губернатор йил бошида штатда ниқоб тақиш талабини бекор қилганди.

“Covid-19 вакцинаси хавфсиз, самарали ва бизнинг вирусга қарши энг яхши ҳимоямиздир, лекин у ихтиёрий бўлиб қолиши ва ҳеч қачон мажбурланмаслиги керак”, – деди жаноб Абботт ўз баёнотида.

Губернаторнинг бу ҳаракати демократ президент Жо Байденнинг кўрсатмаларига қарши бўлиб қолмоқда. Чунки президент ўтган ойда барча корхоналардан ўз ходимларини мажбурий эмлашни сўраган.

Мажбурий эмлаш бўйича мунозаралар ҳали ҳам давом этмоқда. Танқидчилар уни конституцияга зид деб ҳисоблайдилар, лекин тарафдорларнинг айтишича, бу чора 700,000 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган эпидемияга қарши курашиш учун жуда зарур.

Американинг энг йирик American Airlines авиакомпанияси ўтган ҳафта ўзининг 100,000 нафар ходимларига 24 ноябрга қадар тўлиқ эмланганликни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қила олмасалар, ишдан бўшатилишларини айтди.

Facebook ва Google ҳам ходимларидан идорага қайтиб ишлаш учун эмланганлик тўғрисидаги гувоҳнома талаб қилмоқда.