Ватикан ўз ходимларидан коронавирусга қарши эмланганларини исботлашни талаб қилади

“Вашингтон Пост” газетаси хабар беришича, Ватикан барча ходимларидан коронавирусга қарши вакцина олганликларини исботлашни ёки PCR  тестининг салбий натижасини кўрсатишни сўраган.

Газетага кўра, талаб 1 октябрдан кучга киради ва керакли ҳужжатлари бўлмаганлар сабабсиз ишга келмаган ҳисобланади ва уларнинг маоши тўланмайди. Бу эълон баъзи ходимлар диний сабабларга кўра эмлашдан озод қилинишини сўраган пайтга тўғри келган.

Ватикан ҳозирча ҳеч қандай истисно қилмайди, лекин Ташқи  ишлар вазирлиги Ватикан соғлиқни сақлаш бошқармаси билан биргаликда мумкин бўлган имтиёзларни ўрганиб чиқади.

Папа Френсис бир неча бор одамларни вирусга қарши эмланишга чорлаган.