Ерёнғоқ стрессга қарши курашда ёрдам беради

Clinical Nutrition журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, мунтазам равишда ерёнғоқ истеъмол қилиш ёшларда когнитив функцияларнинг яхшироқ ишлашига ва стрессга қарши курашда ёрдам беради.

XVIII-асрда Европага Жанубий Америкадан олиб келинган ерёнғоқ ёғли кислоталар, полифенол ва бошқа фойдали моддаларга бой ҳисобланади. Аммо унинг мияга таъсири ҳалигача ўрганилмаган эди.

Барселона ва Мадридда ўтказилган тадқиқот учун 19 ёшдан 33 ёшгача бўлган 63 нафар ёшлар танлаб олинди ва уларнинг кундалик овқатларига ерёнғоқ ёки ерёнғоқли маҳсулотлар қўшиб берилди.

Когнитив тестлар ва биокимёвий таҳлиллар натижасида бу инсонлар миясининг когнитив функциялари яхшиланганлиги ва стрессга қарши курашда чидамлиликлари ошганлиги маълум бўлган.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, бунинг сабаби ерёнғоқ таркибидаги ресвератрол ва р-кумар кислоталарнинг, шунингдек қисқа ва узун бўғимли тўйинган ёғли кислоталарнинг мияга таъсири натижасидир. Олимлар шунингдек ерёнғоқ ейишнинг вазнни меъёрида тутишга ёрдам беришини ҳам таъкидлашмоқда.