Юнонистон ўқитувчилар касаба уюшмалари таълим тизимидаги янги қонунга қарши чиқишди

Касаба уюшмаси аъзолари мажбурий аттестация тўғрисидаги янги таълим қонунчилигига қарши норозилик билдирмоқдалар.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, жума куни Афинада янги таълим қонунига қарши намойиш пайтида намойишчилар полиция билан тўқнашган.

Kathimerini газетасининг ёзишича, мактаб ўқитувчилар касаба уюшмаларига аъзо 3000 га яқин одам қонунга қарши норозилик билдиришган.

Полиция пойтахтдаги катта йўлни тўсиб турган оломонни тўхтатиш ва тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сувдан фойдаланган.

Касаба уюшмалари ўқитувчи ва мактабларни баҳолаш мажбурий этиб белгиланган қонунга норозилик билдирмоқда. Шунингдек, улар пайшанба куни иш ташлашни тақиқлайдиган суд қарорига нисбатан ҳам қарши чиқишмоқда.

Норозилик юришлари давомида ҳеч ким ҳибсга олинмаган.

Пайшанба куни таълим вазири Ники Керамеус хусусий ва давлат мактаблари ўқитувчилари билан боғлиқ бўлган иккита касаба уюшмаларини иш ташлаш режаси бўйича судга берган эди. Вазир уларнинг ҳаракатини ноқонуний эканлигини айтди.