“Жиянимнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беринг”




    Nurilloh
    12 ёшли Нуриллоҳ оиланинг яккаю ёлғиз фарзанди

    Она учун фарзандинининг оғир хасталикдан азоб чекаётганини кўришдан оғирроқ нарса бўлмаса керак.

    “Фарзандингиз лейкозга чалинибди”.

    Шифокорларнинг бу гапи қулоғига чалинганда, онаизор учун вақт муздек қотиб қолади ва бутун ҳаёти ағдар-тўнтар бўлади.  Менда ҳам бугун шундай бўлди…

    Сўнгги пайтларда отам юрак хасталиги билан касалхонада ётган эди.  Унинг соғлиғини сўраш учун уйга қилган навбатдаги қўнғироқларимдан бири эди.

    Телефон гўшагини акам кўтарди. У нимадир шошилинч гап айтмоқчидек туюлди.  Қандайдир муҳим гапи бор эди. Унинг бир неча дақиқа иккиланиб турганини кўриб, ота-онамга айтмасликка ваъда бердим ва у ичини ёрди.  Унинг айтгани мени муздек қотириб қўйди.  Опамнинг яккаю ягона ўғли қон саратонининг бир тури бўлган апластик анемия касаллигига чалинибди.  Боланинг суяк илигини зудлик билан алмаштириш керак экан.

    Кўзларим ёшга тўлиб, бир муддат тилим айланмади.  Бир лаҳзада жияним билан ўтган хотираларим кўз олдимдан ўта бошлади.  У чақалоқлигида дўмбоқ эди ва ҳаммамиз уни жонимиздан ортиқ кўрардик.  Опамлар уйимиздан икки хонадон нарида яшагани учун, унинг ўғли деяри бизнинг уйда катта  бўлган эди.

    2011 йил опам поччам билан Россияга ишлагани кетди. Дастлаб, улар ўғилларини ота-онамга ташлаб кетишди. 2013 йилнинг ёзида эса ёнларига чақириб олишди.

    Жияним ҳозир 12 ёшда ва опам ундан кейин бошқа фарзанд кўрмаган.

    Биттаю битта фарзандингиз қон саратонига чалинса, қандай ҳолатга тушишингиз,  қандай оғриқларни бошдан ўтказишингиз ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?!  Яқинда фарзандингиз сизни абадий тарк этиши ҳақидаги азоб берувчи хаёл билан яшашни бир тасаввур қилиб кўринг…

    Мен дарҳол телефонни қўйиб, Россияга, опамга қўнғироқ қилдим.  Уйидан, оиласидан ва дўстларидан йироқда бу кулфатни опажоним қандай кўтариб яшаётган экан?

    Овозимни эшитиши билан опам ўзини тутиб тура олмади, ҳўнграб йиғлаб юборди.  “Биламан”, дея олдим,  холос.  Сўнг бир-биримизга бир сўз демай телефоннинг ҳар икки томонида иккаламиз ҳам йиғладик.  Ўртада эса фақат оғриқ…

    Сўнг у бошидан ўтказган қийинчиликларини гапириб берди.  Янги йил куни кечаси билан жиянимнинг бурни қонаб чиқибди.  Ўтган ой давомида тез-тез бурни қонаётган экан.  Байрам кунлари бўлгани учун касалхоналар ёпиқ, поччам эса ойлик пулини ҳали олмаган экан.

    Мигрант ишчилар бўлгани учун, опамлар Россия соғлиқни сақлаш тизимидан бепул фойдалана олмайди.  Хусусий клиникаларга мурожаат қилиши керак.  Улар ниҳоят 2014-йилнинг 6-январ куни ўғилларини кичик бир хусусий клиникага олиб боришибди.  Докторлар қондан анализ олиб, болага камқонлик (анемия) ташхисини қўйибди.  Жияним овқат ҳам емай қўйибди.  Фақат оғриқ, ҳатто юра олмас экан. Яна қонни текширишибди, аммо оғриқларнинг сабабини аниқлай олишмабди.  Шундан сўнг суяк илигини текширишибди. Натижа эса даҳшатли…

    Нуриллоҳ касалхонада
    Нуриллоҳ касалхонада

    Бундан ҳам даҳшатлиси ҳали олдинда эди.  Кичик хусусий клиника бу касалликни даволай олмаслигини айтиб, уларни Екатеринбургдаги болалар онкология шифохонасига жўнатибди.  Шифохонада беморнинг Ўзбекистондан эканини билишлари билан, уни қабул қилишдан бош тортишибди.  Докторларнинг айтишича, бу ерда апластик анемия касаллиги билан оғриган фақат Россия фуқароларигина даволана олар экан.

    Опамлар ўша ерда ишлайдиган бир татар докторни учратиб қолишибди.  Мусулмонликларини билиб, раҳми келган аёл ёрдам беришга ҳаракат қилибди.  “Шу аёлнинг ёрдами билан болам тўрт кундан бери тирик”, – дея юм-юм йиғлайди опам.

    Бечора опам учун қайси бири қаттиқроқ бўлди экан:  боласининг дардини кўриб куюнишми ёки касалхонадаги ҳамшираларнинг ноинсоний муносабатими? “Аллақачон ярим ўлик бўлишимга қарамай, улар мендан ҳақоратга тўла гап-сўзларини аяшмади”, – дейди опам.

    Эртасига жиянимни у ердан ҳам чиқаришибди.  Пулини тўласангиз ҳам, бу ерда олиб қололмаймиз, дейишибди.

    Жиянимнинг аҳволи оғир.  Бугун менга унинг анализ натижаларини юборишди.  Уларга қараб даҳшатга тушдим.  Жиянимнинг суяк илиги етарли даражада қон таначалари ишлаб чиқара олмаётган экан:  кислород билан таъминлайдиган қизил қон таначалари, касалликларга қаши курашувчи оқ қон таначалари ҳамда қонашнинг олдини олувчи тромбоцит моддаси камайиб кетибди.

    Қуйидаги жадвалда ўша кунги ҳолат бўйича жиянимнинг қон таначалари миқдори акс этган:

    Натижа Аслида қанча бўлиши керак Ҳолати
    Оқ қон таначалари 2.33 4.5 – 13.5 Оғир
    Қизил қон таначалари 0.92 3.8 – 5.2 Оғир
    Тромбоцит 18 142 – 424 Оғир
    Гемоглобин 34 115 – 150 Оғир

     

    Опам ва акам фарзандига қараш учун ишларини тарк этишди.  Кўчириб ўтказиш учун мос суяк илиги топилгунча, жиянимга ҳозир мунтазам қон қуйиб турилиши ва бошқа зарур дорилар берилиши керак.

    Суяк илиги донорини топиш, унинг мослигини текшириш,  уни олиш,  даволаш,  дори-дармон ва бошқа тиббий эҳтиёжлар ҳамда кунлик қаров учун катта пул керак.

    Агар керакли пул топилса ва даволаш ўз вақтида амалга оширилса,  жиянимнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Опамлар, уларнинг оилалари ва биз ҳам керакли маблағни йиғиб беришга қодир эмасмиз.  Шунинг учун сиз азизлардан ёрдам сўрашга мажбур бўлдик. Ёрдам бериш истагида бўлганлар қуйидаги пул ўтазиш йўлларидан фойдаланишларини сўраймиз:

    “PayPal” орқали:

    iroda2003@yahoo.com (UK)

    Банк орқали:

    Буюк Британияда: Name: Iroda Ahmedova, Bank: HSBC, Account number: 21719106, Sort code: 40 05 00

    Россияда (АҚШ Доллари, Евро ва Рублда): SABRRUMMEA1, SBERBANK/URALSKY HEAD OFFICE/EKATERINBURG,RUSSIA BRANCH №7003 BENEFICIARY CUSTOMER: ABDULHAKIMOV DONIYOR №40820810716540011654

    Россияда (Бошқа валюталар учун): SABRRUMMEA1, SBERBANK/URALSKY HEAD OFFICE/EKATERINBURG,RUSSIA BRANCH №7003 BENEFICIARY CUSTOMER: ABDULHAKIMOV DONIYOR №42307840216127512017

    “Western Union” орқали: Name: Abdulhakimov Doniyor, Adress: Aramil town, Svredlovskoye region, Russian Federation

    Алоқа учун телефонлар:

    Дониёр Абдулҳакимов (боланинг отаси): + 790 902 102 74 (Екатеринбург, Россия);
    Ирода Аҳмедова: 0044 7447919573 (Bradford, UK).

    Сизларнинг ёрдамингизсиз жиянимнинг ҳаётини сақлаб қола олмаймиз.  Нима берсангиз ҳам, Аллоҳ уни Сиздан қабул қилсин.  Ёрдамингиз ва эътиборингиз учун катта раҳмат.

    Барчангизнинг дуоингизга муҳтожмиз.

    Ирода АҲМЕДОВА

    Vatandosh: Барча ватандошларимизни, оз бўлса ҳам, қўлидан келганча, ушбу оилага ёрдам беришга чақирамиз. Эҳсонларни тўғридан тўғри қабул қилиш учун мақолага “PayPal” тўлов тугмачаси ҳам ўрнатилди. Бу ердан тўпланган маблағ Нуриллоҳ оиласига топширилиши кафолатланади. Аллоҳ эҳсонларингизни ўз даргоҳида қабул қилсин.




    SHARE