Озодбек Назарбеков концертида қўшиқларни “деярли” жонли ижро этмоқчи

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ўз концертида қўшиқларни “деярли” жонли овозда ижро этмоқчи.

Хонанда расмий сайтининг ёзишича, бугунги кун томошабинлари чиндан ҳам талабчан. Концерт кўргани борар экан, шунчаки севимли хонандаси билан дийдор кўришиб, қўшиқ тинглаб қайтишни истамайди. Балки қўшиққа монанд рақсларни томоша қилиб яйрашни, кутилмаган саҳна безакларидан лол қолиб, концертни узоқ эслаб юришни хоҳлайди.

Айни шу сабабдан ижодкорлар йилдан-йилга концерт дастурларини бойитишга ҳаракат қилишмоқда.

“Озодбек Назарбековнинг ўтган йилги концерти ҳам ранго-ранг қўшиқлари, ажойиб ижро, шунингдек саҳнага ўрнатилган экранлар ва умуман бутун дастурда уйғунлик мавжуд бўлгани билан ёдда қолган. Озодбек, эришилганларда тўхтаб қолмасдан, бу йилги концерти олдингилариданда эсда қоларли бўлишига интилмоқда. Концерт дастурига киритилган ва ўз ишинниг усталари томонидан тайёрланаётган шоу мухлисларга ёқимли совға бўлишини маълум қилди”, — деб ёзади сайт.

“Лекин, албатта бу асосийси эмас, — дейди Озодбек Назарбеков, — ахир барибир концертга чипта олишдан асосий мақсад – ҳордиқ чиқариш, юракка ўрнашган қўшиқларни тинглаб, завқланиш. Шунинг учун ҳам биз ҳар йилгидек концерт дастури учун қўшиқ танлашга алоҳида эътибор билан ёндашяпмиз”.

Сайтда қайд этилишича, Озодбек Назарбеков концертда мухлислар учун қадрдон бўлиб қолган қўшиқлардан ташқари, кўплаб янги тароналарни ҳам ижро этиш ниятида. Айнан ижро этиш. Зеро, концертда деярли барча қўшиқлар жонли ижрода мухлислар эътиборига ҳавола этилади.

Эслатиб ўтамиз, Озодбек Назарбеков аввалига 6-23 апрель кунлари концерт бериши ҳақида афиша эълон қилинган эди.

Кейинчалик бу кунлар қисқартирилиб, концерт 6-20 апрель кунлари бўлиб ўтиши маълум қилинган эди. Концерт афишасида қўшиқлар фонограмма орқали ижро этилиши қайд этилган.