Эдвард Сноуден Глазго университети ректори этиб сайланди

АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими, махфий маълумотларни ошкор қилгани учун Америкада сиртдан тергов қилинаётган ҳамда шу кунларда Россияда вақтинчалик сиёсий қўним топган Эдвард Сноуден Глазко университети ректори этиб сайланди.

The Guardian’нинг ёзишича, университет талабалари сўнгги уч йил учун Эдвард Сноуденни ректор сифатида сайлаган. Сайлов якунлари натижалари 2014 йил 18 февраль, сешанба куни маълум бўлган.

Сноуден номзоди бир гуруҳ талабалар томонидан илгари сурилган бўлиб, улар собиқ махфий хизмат ходими адвокати орқали Сноудендан розилик олишган. У ўз рақибларидан кўра кўпроқ овоз олишга муваффақ бўлган.

Сноуденнинг ректор сайлови кампанияси бўйича матбуот котиби Крис Касселснинг айтишича, улар Эдвард Сноуденнинг ректор сифатида сайланганидан ҳайратга тушишган. Улар бу дунёга инсон ҳуқуқлари ва демократия қадриятлари катта қўллаб-қувватловга эга эканлигини намойиш этди.

Ректор нафақат талабалар фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, айни пайтда у университет бошқаруви (университет талабалари маъмурий органи) раиси ҳам ҳисобланади.

Университет бошқаруви котиби Дэвид Ньюволнинг айтишича, жорий йилги сайловлар сайловчилар сони бўйича энг сермаҳсул тадбирлардан бири бўлган.

Сноуден тарафдорларига кўра, университет ректори фахрий лавозимга яқин бўлиб, у, зарур ҳолларда, университет менежменти олдида талабалар номидан иш олиб бориши керак бўлади.

Сноуден ҳозирча ушбу сайлов натижалари бўйича ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.

SHARE