Байроқ давлатникими ёки халқники?

Ватандошларимиздан бири Ватан мустақиллиги куни муносабати билан уюштирилган бир тадбирда байроқ билан,  мадҳия остида саҳнага кириб келган болачаларга қараб менга шундай савол берган эди:

“Бу ер Америка бўлса,  бу тадбирни консулхона ташкил қилмаган бўлса,  байроқ,  мадҳияга ҳожат борми?”

Бу гап ўша маҳал бир оз ғашимни келтирган бўлса-да, савол соҳибининг байроқ ва мадҳия деганда фақат давлат рамзларини тушуниши мени кўп ҳам ажаблантирмади.

Давлат бу миллий иродани ифода этувчи,  халқ манфаати учун хизмат қиладиган сиёсий ташкилотдир.  Давлат ва миллат байроқлари дунёнинг баъзи мамлакатларида бўлганидек бошқа-бошқа эмас.  Давлат рамзлари  халқимизнинг анъаналарини ўзида мужассам этган миллий белгиларимиздир.  Миллий манфаатлар учун хизмат қилаётган давлат ташкилотлари давлат рамзларидан қандай фойдаланса,  халқ хизмати ва унинг манфаатлари учун ишлаётган нодавлат ташкилотлар ҳам,  хоҳ мамлакат ичида,  хоҳ ташқарисида бўлсин,  миллат ва давлат рамзи саналган байроғимиз остида йиғинлар ўтказишга,  турли анжуманларда унга алоҳида ҳурмат кўрсатишга ҳақли.

Очиғини айтсам,  ватандошларимиз орасида байроғимизга бўлган ҳурматнинг даражаси ачинарли ҳолда.  Кўп тадбирларда мадҳия янграб,  байроқ кўтарилганда,  ўтирган,  овқатланаётган ёки ёнидагилар билан гаплашиб ўтирган ватандошларимизни кўриб,  миллат сифатида шаклланишимиз учун ҳали анча меҳнат қилиш кераклигини ҳис қиламан.

Бунинг бир сабаби бор.  Халқимизни бир-бирига жипслаштирувчи маънавий ҳислар ҳали етарли даражада уйғонмаган.  Аслида ўша байроқ миллий ҳисларни ифодаловчи маънавиятимизнинг рамзий ва моддий кўринишидир.

Бу дарднинг бир дориси йўқ,  афсуски.  Миллий ҳисларнинг уйғониши,  байроғимиз,  гербимиз,  мадҳиямизга бўлган ҳурматнинг ошиши ватандан узоқда ватанга муштоқ ҳаёт кечиришимиздан, тарихни билишимиз,  қолаверса,  маънавиятимиз ҳақида мавҳум чақириқлар билан чекланмасдан,  аслида бу нима,  нега биз учун маънавий ўзлигимиз керак,  кичик миллат сифатида дунё юзида қолишимиз учун унинг аҳамияти нималардан иборат каби саволларни ўзимизга беришимиздан бошланади.

Америкадаги ватандошларимизга тавсияларимиз шундай:

  1. Ўзбек тилида китоб,  хусусан Ўзбекистон ва Ўрта Осиё тарихига алоқали асарларни ўқишда ғайрат кўрсатишимиз керак.  Миллий маънавиятимизга доир адабиётлар рўйхати тузилса,  улар Америкада яқинда очилиши кутилаётган кутубхонамизга жойланса.  Бу борада мутахассисларимиздан фикр олиниб,  уларнинг тавсиялари асосида бу китобларнинг рўйхатлари тузилса,  мақсадга мувофиқ бўларди.
  2. Ҳар бир хонадонда байроғимиз кўринадиган жойга осиб қўйилиши керак.  Биз дунёнинг қайси жойида яшамайлик,  кўнглимиз ватанга муштоқ,  меҳнатимизнинг натижаси ватан манфаатлари билан боғлиқ бўлиши керак.
  3. Кичик ва катта йиғин ҳамда тадбирларни мадҳия ва байроқ билан очишимиз,  унинг аҳамияти ҳақида бардавом гапириб боришимиз даркор.
  4. Футболка,  машина,  музлатгич каби биз кўп фойдаланадиган ва кўзга кўриниб турадиган жойларга илиб қўйиладиган ёки ёпиштириладиган байроқ ва бошқа миллий рамзларни тайёрлашимиз лозим.

Азиз ватандош!  Миллатнинг келажагини,  тақдирини ўз қадриятларига эгалик қилган шахслар жамоаси белгилайди.  Акс ҳолда,  тарихда бўлганидек,  яна бошқа маданиятлар таъсирига ем бўлишимиз эҳтимолдан холи,  ҳисобдан йироқ эмас.  Россияга кетган беш миллион азаматнинг ўзгача фикрлаши,  Америкага келган уч юз минг қорақошнинг ўзлигидан йироқлашиши ҳам ватан учун,  ҳам миллат учун катта ютқазишдан бошқа нарса эмас.  Биз бу жараённи ўз манфаатларимиз ҳисобига ўзгартиришимиз мумкин.  Бунинг учун сиздан икки нарса талаб қилинади:  Садоқат ва ғайрат.

Сафимизга қўшилинг!