ИИВ автомобилларга мониторсиз видеорегистратор ўрнатишни тавсия қилди

Маълумки, шу йилнинг 27 май куни Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси вакиллари тўғридан-тўғри мулоқот чоғида фуқароларнинг тегишли саволларига жавобан Ўзбекистонда автомобилларга видеорегистратор ўрнатишга рухсат берилмаслигини маълум қилган эди. Бу эса ҳайдовчилар, ҳуқуқшунослар ўртасида турли баҳсларни келтириб чиқарди.

Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги ҳайдовчиларга махсус тавсия билан чиқиб, видеокамера ва ёзиб олувчи қурилмадан таркиб топган видео-регистраторлар аудио ва видео-далил йиғиши мақсадида автомобиль салонида ўрнатилиши мумкинлигини маълум қилди.

“Аммо бу қурилма шундай ўрнатилиши керакки, ҳайдовчи жойидан кўришга халақит бермаслиги, мониторсиз (дисплейсиз) ўрнатилиши ёки автомобиль салонининг олд тарафига ўрнатилмаслиги лозим”, — дейилади ИИВ хабарида.