Жаҳон банки: газ экспорти Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсишига хизмат қилади

Ўзбекистон иқтисодиёти 2014 йилда 7 фоизга ўсади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг шу йил 10 июнь куни эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинган. Унга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2015 йилда 6,7 фоиз ўсади, 2016 йилда ҳам худди шундай кўрсаткичда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, банкнинг жорий йил январь ойидаги прогнозларида ҳам худди шундай прогноз баҳолари берилган эди.

Жаҳон банкининг қайд этишича, газ экспорти мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига хизмат қилади, аммо пахта ва олтиннинг паст нархлари, шунингдек, экспорт бозорлари, шу жумладан, Россия, Хитой, Украина, Туркиядаги ёмон иқтисодий вазият сўнгги ўн йилликдаги каби ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоиз миқдорида бўлишини таъминламайди.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, Ўзбекистоннинг 2014 йилдаги экспорт ҳажми 3,9 фоизга, 2015 ва 2016 йилларда 4,5 фоизга ўсади. Импорт ҳажми жорий йилда 9,5, 2015 йилда 7,9, 2016 йилда 6,2 фоизга ўсади.