Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирмоқда

Ўзбекистон Қуролли кучлари Академиясида ҳарбий санъат ривожланиши тенденциялари ҳамда ҳарбий ҳаракатларни олиб боришнинг янги шакл ва усулларига бағишланган семинар ташкил этилди.

12news.uz сайтининг ёзишича, ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда АҚШ Қуролли кучларининг марказий қўмондонлиги билан ўрнатилган ҳарбий ҳамкорлик доирасида ташкил этилди. Унда АҚШ қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлик-штаб коллежи умумий тактика бўлими мутахассиси Кевин Кейси  иштирок этди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолият концепциясига биноан Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокларда иштирок этмайди ва ўз ҳудудида ҳеч қандай ҳарбий база жойлаштирмайди.  Айни пайтда Ўзбекистон ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияда туради. Шунинг учун ҳам мустақил ва фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Қуролли Кучлар Ўзбекистон аҳолисининг тинч ва осойишта ҳаёти, хавфсизлигининг кафолати ҳисобланади. Ташқи сиёсат концепцияси асосида миллий армиянинг салоҳиятини ва ҳарбий тайёргарлигини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг  суверенитети ва давлат чегараларини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Академияси халқаро ҳамкорлик доирасида ҳарбий таълим соҳасида таниқли ҳарбий академиялар ва марказлар билан тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Хабарда айтилишича, бу Академия профессор-ўқитувчилари таркиби, тингловчилари томонидан хорижлик экспертларнинг долзарб масалалар бўйича илмий қараш ва хулосалалари билан танишиш, бу соҳадаги энг сўнгги маълумотларни олиш ва уларни таҳлил қилиш, уларни қуролли кучларни қўллаш имкониятларини кўриб чиқиш, ҳарбий амалиётларнинг замонавий тажрибасини чуқур ўзлаштиришда қўл келади.

Сайтнинг ёзишича, америкалик мутахассислар иштирокидаги бундай семинарлар 2013-2014 ўқув йилида олтинчи марта ўтказилмоқда. Қолаверса, жорий йилнинг март ойида Академиянинг бир гуруҳ тингловчилари ҳамда профессор-ўқитувчи таркиби АҚШ қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлик-штаб коллежида бўлиб қайтишди, хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашишди.

Жаноб Кевин Кейсининг айтишича, бу унинг тўртинчи сафари бўлиб, меҳмондўст Ўзбекистон заминида яна уч марта мана шундай семинарларда қатнашган. “Бу учрашувлар икки томон ҳам ўз манфаатига эришаётгани билан қадрлидир. Ўйлайманки, бизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз давом этади”, деди у.