Афғонистонда террорчилар таҳдиди туфайли 7 миллион киши сайловларда қатнашмади

Афғонистонда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Мустақил сайлов комиссиясининг айтишича, сайловлар муваффақиятли ўтказилган. Мустақил сайлов комиссиясига 118 та ёзма, 144 та телефон орқали шикоят келиб тушган.

Айни пайтда президентлик сайловлари пайтида қатор террорчилик ҳужумлари уюштирилди. Афғонистон Ислом Республикаси мудофаа вазири генерал Зоҳир Азимийга кўра, 14 июнь куни 18 нафар афғон аскари ҳамда 39 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Улар орасида аёллар ва болалар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Яна 88 нафар киши тан жароҳати олди.

Умуман, сайловларнинг иккинчи турида 506 та таҳдид қайд этилиб, 231 та мина, битта ҳудҳушлик ҳужуми, 273 та ҳолатда жангарилар томонидан ўққа тутилиш кузатилган.

Мудофаа вазирига кўра, террорчилар ҳам жиддий талофат кўрган. Хусусан, 176 нафар жангари ўлдирилган, 95 нафари эса турли даражада тан жароҳати олган.

Ҳукумат маълумотларига кўра, террорчилик ҳужумлари таҳдиди сабабли 7 миллион нафардан ортиқ киши сайловларда қатнашишдан бош тортди.

Якшанба куни сайловларда қатнашган иккала номзод — Ашраф Ғани ҳамда Абдулла Абдулла сайловларда етакчилик қилаётганини маълум қилди. Сайлов натижалари июль ойида эълон қилинади.