Жанубий Корея Ўзбекистонда газ ва қуёш энергияси бўйича йирик лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистон ва Корея Республикаси газ конларини ўзлаштириш ҳамда иқтисолий алоқаларни таркибий жиҳатдан янада диверсификация қилишга қаратилган янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олишган. Мазкур битимга Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе ва Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ўртасида бўлиб ўтган мулоқот чоғида эришилган. Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея президенти Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб олти кунлик сафарни амалга оширмоқда.

Yonhap ахборот агентлигининг хабар беришича, Корея компаниялари Бухоро вилоятининг Қандим газ конини ўзлаштириш борасида амалга оширилаётган лойиҳага ҳам қизиқиш билдирмоқда. Хабарда қайд этилишича, Қандимнинг газ захираси 150-180 миллиард куб метрни ташкил қилади. Агар лойиҳа тўлиқ рўёбга чиқарилса, йилига 8 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

Айни пайтда Самарқанд вилоятида лойиҳа қиймати 300 миллион доллар бўлган қуёш энергияси заводи қурилиши режалаштирилмоқда. Кореялик компаниялар мазкур заводни қуриш бўйича тендерни ютишса, 2030 йилга бориб қуввати 4 гигаватт бўлган бошқа қуёш энергияси заводини қуришга кўмаклашади.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея компаниялари Қорақалпоғистон Республикасидаги  лойиҳа қиймати 8 миллиард доллар бўлган Сурғил конини ўзлаштиришда фаол иштирок этишмоқда.

Икки давлат раҳбарлари энергетика соҳасидан ташқари ахборот ва коммуникация технологиялари, атроф-муҳит, текстиль, йўл ва темир йўл қурилиши каби соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлашган.

Икки давлат раҳбарлари учрашуви якунлари бўйича баёнот эълон қилинди, унга кўра, Ўзбекистон Корея раҳбарининг “Корея яримороли ишонч жараёни”, “Шимоли-шарқий Осиё тинчлик ва ҳамкорлик нигоҳи” ҳамда “Евроосиё ташаббуси” каби ғояларини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе Тошкентдаги International меҳмонхонасида маҳаллий корейс ҳамжамияти вакиллари билан учрашди.

Корея Республикаси президенти расмий сайти
Корея Республикаси президенти расмий сайти

Yonhap ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ҳозирги кунда 180 мингдан ортиқ этник корейслар уйи бўлиб, бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг катта кўрсаткичдир.