Деновлик келинлар сепига «Алпомиш» достони қўшиб бериладиган бўлди

Бир пайтлар келин сепининг кўрки саналган, кейинчалик йўқолиб кетган таомиллар, шукрки, бугун яна қайта тиклана бошлади, деб ёзади термизлик Дурдона Эшмуродова “Оила даврасида” газетасида.

Хабарда айтилишича,  Сурхон воҳасининг Денов туманида келин сепи борасида янгича урф қўшилган. Деновликлар сепга халқимизнинг чинакам қаҳрамонлик тимсоли бўлган «Алпомиш» достонини қўшиб берадиган бўлишди. “Бу достон воситасида оила қураётган ёшлар оилага ва она-Ватанга муҳаббат, ёрга вафо ва садоқат, шунингдек, жўмардлик ва шижоат, адолат ва холислик, сабр ва матонат таълимини олишлари шубҳасиз. Оила қуриш остонасида турган ёшлар достонни ўқиб, ундан маънавий озиқа олиши, авлодларга бу минг йиллик қадриятларни етказиши, келажакда Алпкелбат ўғлонлару Барчинойдек қизлар кўпайишидан умид қилинади. Қолаверса, қарийб унутилаёзган кўҳна удумларимизни эл орасига олиб киришда ҳам ушбу таомил яхши самара беради”, — дейилади материалда.

Муаллифнинг айтишича, халқимизда ёш оиланинг камолини кўзлаб қилинадиган хайрли тутумларимиз кўп. Улар камчиқим ва нодирлиги билан ҳам эътиборли. “Менимча, келин сепига яна чанқовуз ҳам қўшилса, «Алпомиш» достонини ўқиб, чанқовуз чалиб ўсган фарзанд юксак дидли, эзгулик ва нафосатга мойил бўлиб улғаяди ва албатта, баркамол бўлади”, — дейди у.

Турли гап-сўзларга кўра, гуржиларда турмушга чиқадиган қизларининг сепида, албатта, Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» китоби бўлиши шарт экан. Шу китоб бўлмаса, сепи тўлиқ ҳисобланмасмиш.

SHARE