Қўқонда 13,3 килограмм олтин қуйма топилди

Қўқоннинг эски шаҳар қисмида канализация қувурларини янгилаш ишлари вақтида оғирлиги 13,3 килограммга тенг олтин ёмбиси топиб олинди. Бу ҳақда Kun қўқонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига таяниб хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, “олтин ғишт” 7 июнь куни, кеча соат 20:15 атрофида Қўқон шаҳар “Сувоқова” корхонасининг беш нафар ишчиси томонидан канализация тармоқларини таъмирлаш вақтида топилган.

Ёмби тўртбурчак ғишт кўринишида бўлиб, устига Россия империяси герби ва 1917 йил ёзуви туширилган. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қуйманинг бозордаги нархи 500 минг долларга ташкил этиши мумкин, деб ёзади UzbekNY.tv.

Олтин ёмбисини топиб олган беш нафар ишчи ушбу топилмани ички ишлар органига топширган. Бунинг эвазига улар қандайдир рағбатлантирилганми-йўқми, номаълум.

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиевнинг ёзишича, давлатга топширилганда хазина (ушбу ҳолатда – Қўқонда топилган олтин қуймаси) топилган жой ер эгаси ва хазинани топган шахс биргаликда хазина қийматининг 50 фоизи миқдорида мукофот олиш ҳуқуқига эга.

“Агар ўша топилган олтин 1 миллион долларга баҳоланган бўлса, унда топганлар 500 минг доллар олишади”, – деб ёзади ҳуқуқшунос.

Darakchi.uz нашри ушбу хабарларни тасдиқлаш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги билан  боғланган, аммо ҳокимлик вакиллари  ушбу воқеа ҳақида ҳеч қандай маълумот  йўқлигини айтишган.