Эрон диний раҳбари АҚШнинг Ироқ ички ишларига аралашишини қоралади

Эрон Ислом Республикаси олий раҳбари оятулла Али Ҳомайний якшанба куни АҚШнинг Ироқ ички ишларига аралашишини кескин қоралади. Эроннинг IRNA ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Эрон диний раҳнамоси Ироқда юзага келган вазият динлар ўртасида юзага келган можаро эмас, балки мамлакат тараққиётини аниқлашга, яъни АҚШ шафелигида ёхуд мустақил тараққий этишга уринишдир, деб қайд этган.

“Биз Ироқнинг ички ишига АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг аралашувига мутлақо қаршимиз”, деди оятулло. “Интерфакс”нинг қайд этишича, Ироқ инқирози чуқурлашганидан бери бу Али Ҳомайнийнинг илк муносабатидир. Эрон диний раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирги инқироз асосий баҳс Ироқ мустақил бўлишини ёки АҚШ лагерига қўшилишини истаганлар ўртасида бормоқда. Чунки АҚШга ҳозирги Ироқ ҳукумати олиб бораётган сиёсат кўп ҳам маъқул тушмаяпти.

Али Ҳомайнийнинг айтишича, экстремистлар шиаларга ҳам, суннийларга ҳам қарши иш тутишмоқда. У Ироқ ҳукумати ва халқи “исёнчи”ларни ўзлари бостира олишига ишонади

Бундан аввалроқ, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний айрим мамлакатлар “ўзларининг нефть-доллари билан террористларни боқмоқда”, деб қайд этган. Кузатувчиларнинг фикрича, гап бу ерда Форс кўрфазидаги араб мамлакатлари ҳақида бормоқда. “Ишончингиз комил бўлсинки, эртага сизнинг навбатингиз ҳам келади. Келажакда бешафқат террористлар уларни қўллаб-қувватлаётганлар ортидан ҳам келади”, — деди Эрон президенти.

Эслатиб ўтиш жоизки, июнь ойи бошидан Ироқдаги вазият кескин ёмонлашди. Бунга мамлакат шимоли-ғарбий вилоятларига бостириб кирган Ироқ ва Левант ислом давлати диний жангариларининг ҳаракатлари сабаб бўлди. Жангарилар Мосул, Тикрит шаҳарларини, шунингдек, Салоҳиддин ва Киркук вилоятиларидаги қатор аҳоли пунктларини эгаллаб олган, Бағдодга юриш қилишни режалаштиришмоқда. Якшанба олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар чоғида Ироқнинг Сурия билан чегарадош қатор чегара постлари эгаллаб олинган.