Россияда 2,4 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда

Ўзбекистон Россиядаги меҳнат мигрантлари сони бўйича пешқадамлик қилмоқда. Россия миграция хизмати маълумотларига асосланиб Anhor.Uzнинг ёзишича, 2014 йил 1 июнь ҳолатига кўра, 2,4 миллионга яқин ўзбекистонлик мигрантлар Россияда меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистондан кейинги ўринларни 1,6 миллион киши билан Украина ва 1,1 миллион киши билан Тожикистон эгаллаб турибди.

Ушбу статистика маълумотлари Тожикистон фуқароларининг Россияга кириши тартиби ўзгаргани муносабати билан эълон қилинди.

Яқинда ўзгарган тартибга кўра, шу пайтга қадар тожикистонликлар паспорти ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси билан бемалол Россияга кириб-чиққан бўлса, эндиликда улардан чет элга чиқиш паспортлари талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилда Россия Федерациясидан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан пул ўтказиш тизимлари орқали 6 миллиард 632 миллион доллар миқдорида юборилган. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг кўп кўрсаткич ҳисобланади.

SHARE