Ўзбекистонда ягона гаров реестрини олиб борадиган давлат корхонаси ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузурида “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори имзоланди. “Гаров реестри” ДУК ҳимояланган протоколни қўллаган ҳолда интернет орқали онлайн режимида гаров реестрини электрон ахборот маълумотлари шаклида юритиб юборади. UzDaily.Uz сайтининг ёзишича, garov.uz сайти TAS-IX сайтида жойлаштирилади.

Хабарда айтилишича, гаров реестри давлат тилида, айни чоғда рус ва инглиз тилида юритишга рухсат берилади. Гаров реестридаги қайдларни қидиришни барча шахслар чекловларсиз амалга оширишлари мумкин. Айни пайтда гаров реестрининг бошқа функиялари, шу жумладан, қидирув натижалари бўйича кўчирма бериш фақат рўйхатдан ўтган ва авторизация қилинган шахсларга тақдим этилади.

Гаров реестрида қайд киритиш ҳамда қидирув натижасида кўчирма олиш пулли асосда тақдим қилинади: юридик ва жисмоний шахслар учун гаров реестрига қайд киритиш  энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида, қидирув бўйича кўчирма бериш эса бундай шахслардан энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида тўлов тўлашни талаб қилади. Жисмоний шахслар ўз карточкалари ёки қонунчиликда тақиқланмаган йўллар билан қайдни рўйхатдан ўтказгунча ёки кўчирма олгунча тўловни амалга оширишлари мумкин.

Ўрнатилган тартибга кўра, “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси барча қайдларни, уларга киритилган ўзгартишларни 5 йил давомида сақлайди ва ундан сўнг чиқариб ташлайди.