Ўзбекистонда 2014/2015 ўқув йилида 57 907 нафар талаба қабул қилинади

2014 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “2014/2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда блогер Хушнудбек Худойбердиев ўз сайтида эълон қилди.

Ушбу қарорда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилган бўлиб, унга кўра 2014/2015 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 57 907 нафар талаба қабул қилинади. Шуларнинг 19 120 нафари давлат грантида ва 38 787 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олади.

Агар таққосласак, бу йилги квота ўтган йилгига қараганда 1300 нафарга (ҳаммаси контракт) кўпдир.

Жорий йилда олий таълим муассасаларига 5 000 нафар магистр, шундан 1548 нафари давлат гранти, 3452 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Ушбу йилда магистратура квотаси ўтган йилгидан 1300 нафарга (ҳаммаси контракт) камайтирилган.

Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимига давлат гранти бўйича 65 нафар ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига 50 нафар талаба қабул қилинади(15та давлат гранти, 35та шартнома асосида). Мазкур қабул квота кўрсаткичи ўтган йилги каби қолдирилган, ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ.

Айтиб ўтиш жоизки, ўтган йили ҳужжат топширган абитуриентлар сони бўйича рекорд натижа қайд этилган эди. Яъни 480 минг нафардан кўпроқ абитуриент талабалик бахтига мушарраф бўлиш учун ўз омадини синаб кўришга аҳд қилган эди. Бу бир ўрин учун ўртача 8,5 киши даъвогарлик қилган деганидир.

SHARE